Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳон натижаларига кўра мактабнинг илк ўқувчилари саралаб олинади, деб хабар беради ЎзА.
Қабул комиссияси аъзоси, Тошкентдаги Инҳа университети ректори С. Бобохўжаевнинг айтишича, ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланаётгани нафақат ахборот технологиялари мутахассислари касб маҳоратини оширишни талаб этади, балки янги касблар пайдо бўлишига ҳам олиб келади. Натижада АКТ-лойиҳалар менежери, тизим маъмури, веб-дизайнер, 3D-моделлари дизайнери, дастурий таъминотни синаш бўйича мутахассис, ахборот тизимлари конструктори каби мутахассисликлар нуфузи ортиб бормоқда.
Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига математика, физика, информатика ва чет тиллари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, улар дастурлаш, маълумотлар базасини тузиш кўникмасини ўзлаштиради ва ахборот хавфсизлиги бўйича бошланғич билимларни эгаллайди. Мактаб синф хоналари ва аудиториялари энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланади, бу эса машғулотлар давомида ўқув жараёни сифатини оширишга хизмат қилувчи илғор ахборот ва педагогик технологияларни қўллаш имконини беради.
Кириш имтиҳонларида ихтисослаштирилган ва умумий таълим мактабларининг 190 га яқин ўқувчиси иштирок этди.
Имтиҳонлар натижасига кўра, энг кўп балл тўплаган 60 нафар бола 2017—2018-ўқув йилида 5-синфдан ўқиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга қабул қилинади.
Изоҳ (0)