Хитой Супер Лигаси якунига 2 та тур қолганида бразилиялик мутахассис Луис Фелиппе Сколари бошқараётган «Гуанжоу Эвергранд» клуби кетма-кет 7-чемпионлигини нақд қилди.
Турнир жадвалида етакчи бўлиб турган гуанжоулик футболчилар ўз майдонида йирик — 5:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Карвонбошини таъқиб қилиб келаётган Андре Виллаш-Боаш бошчилигидаги «Шанхай СИПГ» эса ўз майдонида кучли учликка кириш ҳаракатида бўлган «Гуанжоу Р&Ф» клубига имкониятни бой берди — 1:2.
Гуанжоуликлар сафида бразилиялик легионерлар асосий фигура бўла олди. Алан, Рикардо Гуларт ва Мурики чемпионликнинг бош омилларидан биридир. «Барселона» сентябрда Поулиньони олиб кетган бўлса-да, Сколари жамоаси пешқадамлигини сақлаб қола олди.
«Шанхай СИПГ» мағлуб бўлган ўйинда Одил Аҳмедов ва Элкесен майдонга тушмади. Оскар ҳамда Халк қаторида, португалиялик ҳимоячи Рикарду Карвалю беллашувда кўриниш берди.
Ўтган ҳафта «Шанхай СИПГ» Осиё Чемпионлар Лигасидаги юришига ярим финалда якун ясаганди. Энди эса чемпионлик пойгаси тугади. Шанхайликлар мамлакат вице-чемпионига айланди. Ўз навбатида бу катта ютуқ эканини қайд этиш мумкин. Виллаш-Боашга қадар «Шанхай СИПГ» Чемпионлар Лигаси ва Хитой Супер Лигасида бундай натижаларга эришмаганди.
Одил Аҳмедов Жаҳон Чемпионатида ўйнамайди. «Шанхай СИПГ» ОЧЛ финалига чиқа олмади
Ўзбекистонлик ҳимоячилар — Анзур Исмоилов ва Егор Кримец тўп сурадиган «Чанчун Ятай» ҳамда «Бейдзинг Гуоан» клублари турнир жадвали экваторига жойлашиб олган. 28-турда Анзур Исмоилов ўйин 1:1 бўлиб турган бир вақтда — 46-дақиқада майдонга тушди ва «Чанчун Ятай»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди. Егор Кримец тўлиқ ҳаракат қилган беллашувда эса «Бейдзинг Гуоан» 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.Хитой Супер Лигаси 28-тур беллашувлари 22 октябрь, якшанба
Изоҳ (0)