18 октябрь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) директорлар кенгаши Лондондаги йиғилишда Ўзбекистондаги дастлабки икки лойиҳани молиялаштириш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда, Сенатдаги манбаларига асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига 100 миллион доллар миқдорида кредит линияси очилиши тасдиқланди. Маблағнинг 70 миллион долларлик қисми кичик ва ўрта бизнес заёмчиларини молиялаштиришга, 30 миллион доллари эса савдо молиялаштирилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Кредитдан кўзланган мақсад — кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ўрта истиқболли имкониятларини яхшилаш.
Бундан ташқари, шарбат ва шарбат концентратлари, мева қуйқалари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Agromir Juice қўшма корхонаси учун 10 миллион долларлик кредит линияси ажратилиши маъқулланди. Бу кредит Самарқанд вилоятида замонавий омборхона комплекси қурилишига йўналтирилади. У ягона бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда компания ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилади.
ЕТТБ вакилининг сўзларига қараганда, директорлар кенгашининг бу қарори тарихий ва фавқулодда воқеа бўлганини, негаки банк илгари ҳеч қачон мамлакат дастури маъқулланишидан олдин лойиҳаларни молиялаштиришга розилик бермаганини таъкидлаб ўтди.
ЕТТБ маъқуллаган лойиҳалар ноябрь ойининг биринчи декадасида банк вице-президенти Филипп Беннет Ўзбекистонга амалга оширадиган ташриф чоғида имзоланиши режалаштирилмоқда.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ушбу келишувлар ЕТТБ томонидан молиялаштиришнинг очилишидаги дастлабки қадам эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ҳозир банк Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан бирга ЕТТБнинг мамлакат дастурини ишлаб чиқмоқда, у директорлар кенгаши томонидан тасдиқланганидан кейин халқаро молиявий институтнинг Ўзбекистон билан алоқасини янада кенгайтиради.
Изоҳ (0)