2019 йилга келиб Континентал Хоккей Лигасига (КХЛ) қўшилишни режалаштираётган «Бинокор» хоккей клуби таъсисчиси ва бош мураббийи Алишер Азимов «Олампорт» нашрига интервью берди.
2019 йил Тошкентнинг «Бинокор» хоккей клуби КХЛ аъзосига айланиши мумкин
Унинг сўзларига кўра, шу йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистон Хоккей Федерацияси ташкил этилиши мумкин. Бу эса «Бинокор» клубига халқаро ареналарда ўз омадини синаб кўриш имкониятини беради.Азимовнинг ойдинлик киритишича, «Бинокор» хоккей клуби аъзолари Тошкентдаги муз саройларининг бирида машғулот ўтказиб келади ва асосан Қозоғистондаги турнирларда иштирок этади.
КХЛ ғояси режамизда бор. Барчаси «Хумо Арена» ишга тушганидан сўнг аниқ бўлади. Очилиш маросимида биз ўзбек хоккейчилари нималарга қодир эканлигини намойиш қилиб бермоқчимиз. Мақсадимиз — жиддий. КХЛда иштирок этиш учун йигитларимизда куч ва иқтидор етарли.«Бинокор»ни кучайтириш учун бир неча ой муқаддам ижтимоий тармоқларда эълон берилган бўлиб, бу таклифга бир қатор мурожаатлар келиб тушган. Фаолиятини Россияда давом эттираётган ўзбекистонлик хоккейчиларнинг бир нечтаси Тошкент клубида шайба суриш нияти борлигини маълум қилган. Шунингдек, АҚШ, Беларусь ва Қозоғистонда хоккей ўйнаётган ўзбекистонликлар ҳам ўзини тавсия қилган.Алишер Азимов, «Бинокор» клуби бош мураббийи
1968 йилда туғилган Алишер Азимов ўз вақтида «Бинокор» болалар спорт клубида хоккей сир-асрорларини ўрганган. У Ўзбекистонга хоккейни қайтариш учун меҳнат қилаётганлар етакчиси. «Бинокор» клубини қайта таъсис этган, айни пайтда унинг бош мураббийи ҳам ҳисобланади. Фаолияти давомида бир қатор чет эл лигаларида шайба сурган.
Изоҳ (0)