Россиянинг Челябинск вилоятида депортацияга ҳукм қилинган ўн нафар тожикистонлик муҳожир тўрт йил давомида чиқиндихонада яшириниб юрган. Улар қўлга олинди. Ушланганларнинг бари — бир оила вакиллари, деб хабар берди 13 октябрь куни Федерал суд ижрочилари хизматининг минтақавий бўлинмаси.
«Суд Малоҳат Ч. ва унинг уч фарзандини 2013 йили миграцион қонунчиликни бузгани учун Россиядан чиқариб юборишга ҳукм қилган эди. Аммо аёл уни болалари билан махсус бошпанага юбормаган, депортацияни одатий жойда — темир йўл яқинидаги кулбаларда кутишга рухсат берган суднинг шафқатлилигидан фойдаланиб, ғойиб бўлган эди», — дейилади хабарномада.
Тожикистон фуқароларини дарҳол топишнинг имкони бўлмаган. Натижада улар 2014 йили қидирувга берилган.
Жорий йил сентябрида улар Челябинск вилояти Еманжелинск шаҳридаги маиший чиқиндилар полигонидан топилди.
У ерда Малоҳат ва унинг уч фарзанди қаторига яна олти киши қўшилди. Тўрт йил ичида Малоҳат яна бир фарзанд кўрди, катта қизи Бибисора эса икки фарзандни дунёга келтирди.
Барча муҳожирлар махсус бошпанага жойлаштирилди. Янги туғилган болаларнинг ҳужжатлари тўғрилангач, уларнинг барчаси Тожикистонга кетказиб юборилади.