Ўзбекистоннинг божхона чегарасидан ўтказиш пунктларида кейинги йилдан икки коридор («яшил» ва «қизил») тизими ишга тушади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ҳукуматнинг 11 октябрдаги қарорига мувофиқ, тизим халқаро аэропортларда 2018 йил 1 январдан, автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида эса 2021 йил 1 январдан ишга туширилади.
Ҳужжатда айтилишича, янгилик божхона расмийлаштириш ишларини умумқабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, божхона расмиятчилигини осонлаштириш, туризмни ривожлантиришга қулай шароитлар яратиш ва самарадор назорат услубларини яратиш мақсадида жорий этилмоқда.
Ҳукумат Давлат божхона қўмитаси ва бошқа идораларга бир ой муддат ичида халқаро аэропортларда икки коридор тизимининг ишлаши учун зарур инфраструктур ишларни амалга оширишни топширди.
Икки коридор тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, божхона чегарасидан ўтаётган фуқаролар божхона операцияларини амалга оширишда нотижорат товарларини декларациялаш шакли бўйича «яшил» ёки «қизил» коридорни танлаши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, низомда божхона ҳудудига келиш ёки ундан кетиш жойида камида биттадан «яшил» ва «қизил» коридор бўлиши назарда тутилган. Уларнинг умумий миқдори йўловчилар оқимига ва мавжуд имкониятларга боғлиқ. Коридорлар ўзбек, рус ва инглиз тилида (мажбурий), зарур бўлганда — бошқа тиллардаги ёзув ва белгилар билан кўрсатилиши лозим.
«Яшил» зонада товарларни декларациялаш оғзаки шаклда ўтказилади. «Яшил» коридордан ўтиш божхона органига шахсда ёзма декларацияга эҳтиёжманд товар йўқлигини баён қилиш сифатида қабул қилинади.
«Яшил» коридорга қонунчилик билан киритилиши ёки олиб чиқилиши тақиқланган, нархи божсиз олиб кириш нархидан ошадиган товарлар, шунингдек, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши белгиланганидан кўпроқ миқдордаги нақд миллий ва чет эл валютаси қўйилмайди.
Шахсда бу каби товарлар борлиги гумон қилинган тақдирда божхона органининг мансабдор шахси божхона қонунчилигининг амал қилинишини таъминлайдиган божхона назорати шаклларини қўллаш ҳуқуқига эга. Агар «яшил» коридордан ўтган ёки ўтаётган шахсда бу каби товарлар ва меъёридан ортиқ нақд валюта топилса, у жавобгарликка тортилади.
«Қизил» коридордан ўтадиган шахслар тегишли йўловчи божхона декларациясини тўлдиради. Бунда танлов принципи ва божхона органи томонидан белгиланган божхона назорати шакллари қўлланади. Шахсда декларацияда кўрсатилмаган товарлар аниқланган тақдирда у жавобгарликка тортилади.
Шахслар божхона чегарасидан тижорат ёки ишлаб чиқариш мақсадларига қаратилган товарларни олиб ўтган тақдирда божхона расмиятчилигининг умумий қоидалари қўлланади.
Изоҳ (0)