Яшин бир жойга икки марта урмайди, деган гап бор, аммо Кататумбода бу «қоида» амал қилмайди, деб ёзади Travel Ask.
Венесуэладаги Кататумбо дарёси этагида жойлашган бу туманда майдан октябрга қадар ўзига хос табиий ҳодиса кузатилади: дарё келиб қуйиладиган Маракайбо кўли осмонидан қисқа вақт ичида кўплаб яшинлар ҳосил бўлади, яшин зарбалари содир бўлиш тезлиги бўйича ушбу ҳудуд ҳатто Гиннесснинг Рекордлар китобига киритилган.
Кататумбо дарёси этагида тахминан 5 км баландликда ёмғирли булутлар тўпланади, улар соатига 280 та яшинни ҳосил қилишга қодир бўлади. Ушбу табиий ҳодиса Кататумбода азалдан кузатилади, у ҳужжатларда биринчи марта XVI аср охирида тилга олинади. Ушбу яшинларни 400 километргача бўлган масофадан кўриш мумкин.
Олимлар Маракайбода бунчалик кўп яшинлар ҳосил бўлишида бир нечта омилларни сабабчи деб ҳисоблайди. Биринчидан, Кариб денгизи ва Анд тоғ тизимининг яқинлиги туфайли, Кариб денгизи томонидан келадиган илиқ ва нам ҳаво массаси Анднинг совуқ ҳавоси билан тўқнашади ва қуюн ҳосил бўлади, у соат йўналишига қарши айланганида яшинлар пайдо бўлади. Иккинчидан, ушбу ҳудуддаги кўп сонли ботқоқликлар туфайли бу ерда метан кўп, у булутларгача кўтарилиб, яшинлар пайдо бўлишида қатнашади.