Екатеринбург сут заводи соҳиби Юрий Окунев иккинчи газонни ўз маблағлари ҳисобидан Швейцария намунаси бўйича жиҳозлай бошади. Бу сафар газон ётқизиш майдончаси Гоголь кўчасидаги майдон бўлди, деб ёзади TJournal.
Окуневнинг сўзларига қараганда, биринчи газон жиҳозлангандан сўнг уни шаҳар маъмуриятига таклиф қилишган. Улар бизнесменни ташаббус учун мақтаб қўйиш билан бирга унинг газонини асос қилиб олишни режалаштирмаётганлиги, чунки барча ишлар махсус ишлаб чиқилган давлат стандартлари ва қурилиш меъёрларига мувофиқ олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтган.
Окунев лойиҳасига федерал мансабдорлар ҳам эътибор қаратди. Москвада тадбиркор Россия қурилиш вазири ўринбосари Андрей Чибис билан учрашди.
Иккинчи газонни жиҳозлаш билан Окуневдан ташқари яна беш киши шуғулланмоқда. У бир нечта ишчини ёллаб, «Газель» юк машинасини буюртма қилган ва зарур инвентарларни харид қилган. Бизнесменнинг сўзларига қараганда, буларнинг барчаси учун у 30 минг рублга яқин маблағ сарфлаган.
Сентябрь ойида Окунев Архитектура академияси талабалари билан биргаликда Гоголь ва Малишев кўчалари кесишмасида биринчи газонни Швейцария намунаси бўйича жиҳозлаган эди. Екатеринбург кўчаларидаги лойгарчилик лойиҳани ишга туширишга асосий сабаб бўлди. Окунев бордюр тошлари гидроизоляция функциясини бажариб, газондаги сувнинг йўлга тушишига тўсқинлик қилиши ва лойгарчилик юзага келишининг олдини олиши керак деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)