Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган фаолият юритаётган тадбиркорларга фоизсиз кредитлар берилмоқда, дейилади ЎзАда эълон қилинган материалда.
Айтилишича, Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 19 сентябрдаги «Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчиларга яна бир қулайлик яратди. Бугун Норвегия, Вьетнам, Таиланд, Бразилия, Кипр, Македония, АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар аҳолиси Ўзбекистон миришкорлари етиштирган маҳсулотларни севиб истеъмол қилмоқда.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини кўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард 272 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.
Жамғарма мутахассислари мамлакатда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз экинларига дунё бозоридаги талабни мунтазам ўрганиб, шу асосда тадбиркорларга маслаҳатлар бермоқда. Мисол учун, маркетинг тадқиқотлардан маълум бўлишича, Латвия ва Германияда қуритилган меваларга талаб юқори экан. Бу маҳсулотларнинг бир килограмми 2–10 доллар атрофида баҳоланмоқда. Хитойликлар эса сабзининг абако, бодрингнинг «чумоли» навига харидор бўлмоқда.
Бир килограмм гилос учун Хитойда 7,3 доллар, Сингапурда 9,1 доллар таклиф қилинмоқда. Бу давлатларда узумнинг «мускат», «бейла» навларига талаб юқори. Айтилишича, Германия, Францияда эса Ўзбекистонда етиштирилган ўрикларни кўпроқ қадрлар экан. Полиз экинларини кузатадиган бўлсак, Германияда бу маҳсулотларнинг йиллик импорт ҳажми 516 минг тоннани ташкил қилмоқда. Энг қиммат нарх Жанубий Кореяда бўлиб, кореяликлар бир килограмм тарвуз учун 2,8 доллар тўлашга тайёр.
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги «Биг агро экспорт» жамияти совутгич, тезкор музлатиш, қайта ишлаш, қадоқлаш комплекси ва замонавий иссиқхона қурмоқда. 62 гектарда етиштирилган брокколи, айсберг ва гулкарам 430 минг долларга экспорт қилинди. Яқинда Бухоро туманида иссиқхона, мураббо, жем, тузламалар ва қуритилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш цехи ишга тушади. Корхона 2018 йил 4 миллион долларлик экспортни амалга оширади. Бу борада Навоий, Самарқанд вилоятларида ҳам қатор юмушлар бажарилмоқда. Экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида логистика марказлари ташкил этилмоқда. Сурхондарёда ана шундай марказ ишга тушган бўлса, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)