Миллий матбуот марказида «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда электростанцияларда бир йилда ишлаб чиқарилаётган қарийб 60 миллиард киловатт/соат миқдордаги электр энергиясининг 6,5 миллиард киловатт/соати гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келиши таъкидланди. Ҳозир бу кўрсаткични янада ошириш орқали табиий, экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаидан фойдаланишни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг 18 майдаги «‘Ўзбекгидроэнерго’ акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони мавжуд гидроэлектростанциялардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, Ўзбекистонда ягона гидроэнергетика тизимини яратишда янги имконият эшикларини очди.
«Мақсадимиз гидроэнергия улушини иқтисодиётда кўпайтириш, — деди ‘Ўзбекгидроэнерго’ бошқарма бошлиғи Ҳабибулло Азизов. — Ана шу мақсадда 18 та гидростанцияда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Янги қувватларни ишга тушириш мақсадида юртимизда биринчи марта пилот лойиҳа асосида микроГЭСлар қуриш бошланди. Катта Фарғона каналида, Туямўйин сув омбори, Қамчиқ дарёси бўйидаги ихчам ГЭСлар шулар сирасидандир».
Гидроэнергетикани ривожлантиришга изчил равишда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш орқали корхоналар ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда хорижлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда ўнга яқин лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда, Чорвоқ ва Фарҳод ГЭСлари модернизация қилинмоқда.
Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.
Изоҳ (0)