2016 йили «Фаввора фильм» студиясида яратилган «Тошкентнинг катта қалби» ҳужжатли фильмининг премьераси Нью-Йоркда бўлиб ўтди.
Картина ўзбек халқининг уруш йилларидаги жасорати, бу ерга бошпана излаб келган бир ярим миллион қочқин ҳақида ҳикоя қилади.
Фильм муқаддам Исроил, Озарбайжон, Австрияда муваффақиятли намойиш қилинган эди. У, шунингдек, Нью-Йорк ва Бруклин кинозалларида катта шуҳратга эришди. Квинсдаги Бардавомлик марказида ўтказилган намойишда унга юксак баҳо берилди. Презентация АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консуллиги кўмагида ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланди.
RTH телеканалининг «Америка биз билан» дастурида эса фильм ҳақидаги кўрсатув намойиш этилди. Унда сценарий муаллифи, тошкентлик журналист Борис Бобоев ҳамда Ўзбекистон халқ артисти, телебошловчи Галина Мелникова иштирок этди.
Фильм режиссёри — Ҳожимурод Валиев, монтажчи режиссёр — Денис Кодзаев, операторлар — Абдулла Тўлаганов (Ўзбекистон), Роман Кайков (АҚШ), Александр Клепалов (Россия), Семён Кацив (Исроил). Лойиҳа продюсери, «Фаввора фильм» студияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров.
Изоҳ (0)