Ҳар қандай қийинчиликлар олдида таслим бўладиган ота-оналар бу феъл-атворини фарзандларига ўтказади. «ТАСС»нинг Daily Telegraph газетасига асосланиб маълум қилишича, гап ирсиятда эмас: гўдаклар одамларнинг феъл-атворини кўчиришга мойил бўлади ва биринчи навбатда ота-онасидан ибрат олади.
Буни Массачусетс технология университети олимларининг тадқиқоти тасдиқлайди. Тадқиқот натижалари Science журналида чоп этилди. Аниқланишича, болалар 15 ойлигидан бошлаб ота-онасининг қийинчиликларни енгиш ёки, аксинча, уларнинг олдида таслим бўлиш одатини ўрганади.
Тажриба чоғида гўдаклар уч гуруҳга бўлинди. Ҳар бир гуруҳда болалар ёши катта уч кишидан бири маълум вазифани бажаришини кузатиб борди. Одатда бу контейнерни очиш ёки ўйинчоқни брелокдан ечиш эди. Биринчи гуруҳда вазифа 30 секундда, иккинчисида 10 секундда бажарилди. Учинчи гуруҳда эса бу иш охирига етказилмади. Кейинроқ болаларга махсус тугма ёрдамида мусиқий қутичани ишга тушириш таклиф этилди. Ёши катта одамлар қўйилган вазифани муваффақиятли адо этганини кўрган болалар бу ишни бажара олди, охирги гуруҳда эса болалар қутичани ишга туширишга қийналди.
Изоҳ (0)