Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда АҚШга уюштирилган сафар чоғида Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда халқаро пресс-клуб йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Шавкат Мирзиёев ушбу ташаббусни инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайн билан учрашув чоғида 2018 йили Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинишининг 70 йиллиги нишонланиши муносабати билан илгари сурди.
«Энди Ўзбекистон ҳимояланувчи позициясида эмас — илгари бизни танқид қилишар эди, биз эса ҳимояланардик ва жавоб берардик. Ҳозир Ўзбекистон нафақат миллий даражадаги, балки глобал миқёсдаги ташаббуслар билан чиқмоқда», — деди Акмал Саидов.
Шунингдек, у Президент инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссарининг Ўзбекистондаги офисини очиш, бу билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишни таклиф қилган. Айни пайтда комиссар бошқармасининг минтақавий офиси Бишкекда жойлашган.
Акмал Саидовнинг сўзларига қараганда, бу Ўзбекистон «очиқ, кенг, инсон ҳуқуқлари бўйича ҳар қандай, ҳатто энг нозик масалаларни муҳокама қиладиган конструктив мамлакатга айланаётганини кўрсатади».
Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари жорий йилнинг май ойида биринчи марта Ўзбекистонда бўлди. Сентябрь бошида Ўзбекистонга Бишкек офиси раҳбари ҳам келди. Шу охирида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус ҳисоботчиси Аҳмад Шаҳид ташриф буюриши режалаштирилган.
Изоҳ (0)