АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида футбол бойича Мустақиллик Кубоги—2017 мусобақаси иккинчи бор ташкил этилди.
Турнирнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги вице-консули Улуғбек Асқаров, Туркистон—Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжа, Нью-Йоркда чоп этиладиган Bukharian Times газетаси бош муҳаррири Рафаэль Некталов ҳамда мусобақа бош ҳомийси Roadtex LTL компанияси директори Азиз Мамаев иштирок этди, деб хабар берди ташкилотчилардан бири Санъат Шарипов.
Мусобақада АҚШнинг олти штатидан 10 та жамоа иштирок этди. Улар 5 тадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда асосий соврин учун кураш олиб борди. Ҳар бир гуруҳдан 2 тадан жамоа плай-офф босқичига йўлланма олди.
Турнир финалида Нью-Йоркнинг «Пахтакор» ҳамда Пенсильвания штатининг «Дўстлик» жамоалари тўқнаш келди. Беллашувда майдон эгалари ҳисобланган «Пахтакор» жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, қаторасига иккинчи бор чемпионликни қўлга киритди. Учинчи ўрин «Канзас Сити»га насиб қилди.
Мусобақада энг яхши дарвозабон, энг яхши ҳимоячи ҳамда тўпурар учун совринлар ҳам топширилди. Уларга ҳомийлар томонидан компьютер ва почта хизматидан бепул фойдаланиш ваучерлари совға қилинди.
Турнир кейинроқ ўзбекча сайлга айланиб этди. Уни томоша қилиш учун ўзбекистонликларнинг АҚШда бирга истиқомат қиладиган оила-аъзолари ҳам ташриф буюрганди. Болалар учун машарабоз ва сеҳргарлар иштирокидаги қизиқарли томошалар, Bouncy House, ҳомий «Лаззат» ресторани томонидан тайёрланган миллий таомлар, катта қозонда дамланган тўй оши океан ортида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар кўнглини кўтарди.
Изоҳ (0)