«Истиқлол» санъат саройининг директори Исроил Ғуломов журналист Феруз Муҳаммадга интервью берди. Исроил Ғуломов суҳбат давомида кўчадаги ноқонуний билет сотишлар ҳақидаги саволларга очиқ-ойдин жавоб берди.
—Балки бу сизнинг ваколатингизга кирар, балки кирмас, аммо ўзини саҳнада ёки саҳна ортида маданиятли тутмаган хонандага дакки берган ҳолатларингиз бўлганми?
—Бўлган албатта, мисол учун Жасур Умиров сўнгги концерт дастурида, саҳнада сал нотўғрироқ ҳаракат қилганида унга айбини айтиб, тўғирлаши кераклигини билдирганман. Шундан кейин, Жасур концертининг бошқа кунларида ўша одатини такрорламади. Ботир Қодировда ҳам шунга ўхшаган воқеа бўлди, у билан фикрлашганимдан кейин ҳаммаси жойига тушди. Саҳнада хоҳлаган эркаликни қилиш керакмасда.
—Аёл хонандаларда ҳам шу каби ҳолатлар бўлганми?
—Йўқ, аёл хонандалар ўта тартибли.
—Узоқ йиллардан буён ечимини топмаган ва ҳеч ким унинг борлигини инкор этмайдиган муаммо бор. «Очиқ осмон остидаги чиптахона»да чипталар исталган нархда сотилади. Аммо уларга қарши ҳеч ким амалий чора кўрмайди, нега?
—Бу нарсага биз жавоб бермаймиз. Мен ўз ҳудудимда бўладиган воқеаларга масъулман. Зинадан тушдингизми сиз менга қарашли ҳудуддан чиққан ҳисобланасиз, зинадан битта кўтарилдингизми айнан ўша жойдан менинг ваколатим доирасидаги ҳудуд бошланади. Уларга қарши ички ишлар, департмент, солиқ ходимлари, учаска нозирлари курашиши керак.
—Улар билан ҳеч ким курашмаяптику, кўчада бўлаётган савдо-сотиқ қайтанга сиз учун зарар олиб келмайдими ?
—Ўша қўлда чипта сотиб юрганлар чиптахонада чипта қолмаган тақдирдагина сотишади, улар ҳам чиптани сарой чиптахонасидан олади барибир.
—Аммо шу ишни касб қилиб олганлар ҳам борку, ҳар доим концертга келганимизда худди ўша одамлар савдо қилиб юрган, бизнинг ёнимизга келиб «билет оласизми» дея сўроқлаётган бўлади?
—Шундай томошабинлар борки, уларни «отиб ташлайман», десангиз ҳам ўша кўчадаги чайқовчидан чипта олса оладики, чиптахонадан олмайди. Шу каби инсонлар «кўча кассирлари»нинг доимий харидори бўлиб қолган. Бунинг устига кўп томошабинлар ўша кўчада савдо қилаётганлар билан олдиндан телефонда гаплашиб, чипта буюртма қилиб қўядиган ҳолатлар ҳам учрайди. Улар билан қандай курашиб бўлади?! Бунинг яна бир учи концерт ташкилотчисига бориб тақалади, агар улар ўша чипталарни тартиб билан сотишса, бундай ҳолатлар юзага келмаган бўларди. Бир хил ташкилотчилар яхши жойларни кейинроқ, охирида сотаман деб яшириб туришади, бундай бўлганидан сўнг томошабин ўз-ўзидан йўқолиб қолади ва кўчага мурожаат қилишга мажбур бўлади.
—Ҳар бир томошабин хоҳлаган миқдорда, истганича чипта сотиб олиши мумкинми?
—Мумкин
—100 та ёки 1000 та ҳам олиши мумкинми?
—Албатта мумкин.
—Қайсидир концерт дастурларининг чипталари «ҳар битта томошабинга биттадан, шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатни кўрсатганидан сўнг сотилган» деган гапларни ҳам эшитганмиз?
—Бу бўлмаган, уйдирма гаплар.
—Озодбек Назарбековнинг ҳамда Юлдуз Усмонованинг концерт чипталарига талаб кўп бўлгани учун худди шундай усул қўлланилгани ҳақида гаплар тарқалганди?
—Мабодо чипта сотадиган концерт ташкилотчисининг олдига битта одам уч ва ундан ортиқ маротаба келиб, чипта олиб кетган бўлиши ва уни ташкилотчи таниб қолиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келинг деган бўлиши мумкин.
—Чекланмаган миқдорда чипта олиши мумкин деяпсиз-ку, бундай қилишга ташкилотчининг ҳаққи борми?
—Бор, чунки чиптани барча томошабинларга етказиш керак, ахир. Унда ҳам ҳар битта томошабинга эмас, ўша ўзига шубҳали кўринган ёки олибсотарлик билан шуғулланаётганини билган айрим инсонлардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат сўраши мумкин. Барча томошабинларга бундай талаб қўйишга албатта уларнинг ҳаққи йўқ.
Изоҳ (0)