Голливуднинг машҳур киноактёри, ўзининг жангари фильмлари билан мухлислар оғзига тушган Стивен Сигал ўзининг Instagram саҳифасида Ўзбекистон борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
https://www.instagram.com/p/BY8Ha0fD7Xc/
Айкидо спорт тури бўйича 7-дан соҳиби ҳисобланган Сигал Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирган. Маданият ва санъат институтига ташрифи ва талабалар билан учрашуви, «Ўзбегим» фестивалидаги иштироки, Ўзбекистон тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи китоб тақдимоти унда чуқур таассурот қолдирганини баён қилган. Шунингдек, мамлакатни «чуқур ва бой тарихга эга», деб ёзган.
Сигалнинг айтишича, у «Бунёдкор» стадионида ўтган Asian Fight спорт турнирида иштирок этишни жуда истаган. Бироқ унга боғлиқ бўлмаган номаълум сабаблар туфайли киноактёрга мусобақага боришга рухсат берилмаган ва у ортга қайтиб кетган. Бу сўзларни Стивен чуқур афсус билан баён қилган.Ўзбекистонда ҳам қатор мухлисларига эга бўлган Стивен Сигал яқин келажакда бу мамлакатга қайта ташриф буюриш нияти борлиги ҳақида ёзди. Бунда у фанатлари билан учрашиш ва ажойиб мамлакат ҳақида янада кўпроқ билиш истаги борлигини билдирди.
Аввалроқ Стивен Сигалнинг нима сабабдан Asian Fight турнирида иштирок этмагани ташкилотчилар томонидан очиқланмаган, иддаода унинг «Бунёдкор»га келиши ваъда қилинмагани рўкач қилиб ўтилганди.
Изоҳ (0)