Тошкент вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ички ишлар органи ходими пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.
Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкума Ш. Хатамова вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ариза билан мурожаат қилиб, мазкур муассаса ходими ундан жазони ўташ давомида енгил шарт-шароитлар яратиш эвазига пора талаб қилаётганлигини билдирган.
Ариза асосида ўтказилган тезкор-тергов тадбир давомида Тошкент вилояти ИИБ ЖИЭБга қарашли 14-сонли жазони ижро этиш колонияси ходими М. Исакжанов ариза муаллифининг қизи З. Ибрагимовадан 1 миллион сўм ва 200 долларни пора тариқасида олаётган вақтда ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан М. Исакжановга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)