Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда унинг вакиллари — Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича директор Хью Уильямсон ҳамда Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Стив Свердлов 5 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган «Нодавлат ташкилотлар ва Ривожланиш стратегияси» форуми чоғида баёнот берди, деб хабар қилади «Газета.ru».
Хью Уильямсон ташкилот етти йиллик танаффусдан сўнг мамлакатга қайтишдан мамнунлигини ҳамда жамоатчилик билан яқиндан ишлаб, ўзаро тушуниш ва ҳурмат руҳида мулоқот ўрнатишини таъкидлади. У Human Rights Watch’нинг Ўзбекистондаги фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Булар: сўз эркинлиги, сиёсий ва диний мотивлар бўйича қамалганларнинг аҳволи ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш.
«Ўзбекистонда ҳозир бўлаётган воқеалар жуда муҳим. Биз буни умид лаҳзаси деб атаган бўлар эдик. Биз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қадамларини олқишлаймиз», — деди Стив Свердлов.
У сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган шахсларнинг озодликка чиқишини алоҳида қайд қилиб ўтди:
«Биз бу жараёнларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш учун шу ердамиз».
Стив Свердлов ОАВ, сўз эркинлиги ва медиа-жамоатчилик эркинлиги соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қайд қилди, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг чиқишларида фуқаролар ва ҳокимият ўртасидаги масофани қисқартириш масаласи асосий ўрин тутишига эътибор берди.
«Биз бу жараёнда мустақил овоз, баъзан танқидий овоз, ҳар доим ҳам ёқимли эмас, лекин ҳар доим ҳақиқий маълумот тўплашга ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида олинган мажбуриятлар билан боғлиқ ҳолатларда тавсиялар берадиган овоз бўлиб қоламиз», — хулоса қилди Human Rights Watch вакили.
Изоҳ (0)