Тошкент шаҳрида «Икат» услубидаги миллий тўқувчилик мактабининг кўп асрлик анъаналарига бағишланган «Ўзбек ипагининг гулгун фасли» номли китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Ислом Каримов Фонди ҳамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси томонидан яратилган ушбу китоб ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этилган. Мазкур рисолани миллий ипакчилик хусусидаги мукаммал солнома деб аташ мумкин, унда тўқувчилик анъаналари пайдо бўлишидан замонавий ўзбек абрбанди дурдоналарига қадар – ўтмиш ва бугун ҳақида сўз боради.
Китобда, жумладан, ипак қуртларининг пайдо бўлиши, шойи толаларига ранг бериб, мато яратилиши ҳамда табиий бўёқларни ҳосил қилиш ҳақида сўз боради. Рисолада, шунингдек, ўзбек матоларига турли асрларга хос бўлган безаклар хусусида маълумот берилади.
«Ўзбек ипагининг гулгун фасли» китоби бой ўзбек миллий анъаналари ва ноёб маданий мероси ҳақидаги муносиб рисола бўлишига ишонилмоқда.
International Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтган тақдимотда маданият, санъат ва фан арбоблари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Изоҳ (0)