«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари мингдан ортиқ респондент ўртасида ўтказган галдаги сўров фуқароларнинг мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабати ҳамда айни чоғдаги кайфияти билан яқиндан танишиш имконини берди. Тадқиқот натижалари «Дарё»га «Ижтимоий фикр» маркази томонидан тақдим этилди.
Сўровда 97,4 фоиз иштирокчи иқтисодий ривождан қониқишини билдирди. Ҳар иккинчи иштирокчи иқтисодиётни модернизациялаш ва уни изчил юксалтириш жараёнларига алоҳида урғу берди.
Сўровда мустақиллик йилларида иқтисодиётда эришилган асосий натижалар билан боғлиқ саволга 97,9 фоиз респондент «бу иқтисодиёт тармоқларининг мувозанатли ва самарали ривожланиши», деб жавоб берди.
Кўпчиликнинг (83,5 фоиз) ишонч билдиришича, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, миллий иқтисодиётда рақобатдошликни ошириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, фермер хўжаликларининг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи бозордаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш ишларида муҳим ютуқларга эришди.
84,2 фоиз иштирокчининг фикрича, йигирма олти йил давомида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилган иқтисодий ислоҳотлар кишиларга ўз салоҳиятини кенг намоён қилиши учун имкон берди.
Тадқиқотнинг ҳар иккинчи иштирокчиси ўтган даврда ўзининг моддий аҳволи ва турмуш шарт-шароитларини яхшилаб олганини айтди. Ҳар учинчи қатнашчи ижтимоий мақоми ошганидан мамнунлигини билдирди.
22,6 фоиз респондент ўз бизнесини очган, тадбиркор ёки фермер сифатида фаолият юритмоқда. Респондентларнинг 13 фоизи мамлакатдаги, шунингдек, чет эллардаги олий ўқув юртларида замонавий таълим олган. Булардан кўринадики, одамларда ўз ҳаётини яхшилаш учун курашиш кўникмаси, шунингдек, жамият ва давлатнинг эртанги кунига ишончи юқори даражада.
26 йилда Ўзбекистон аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш шароитларини яхшилаш, бандликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали сиёсат олиб борди. Буни 84,6 фоиз респондент эътироф этган.
Изоҳ (0)