Туркманистоннинг Лебап вилояти ҳокими Чаригелди Чарлиев раҳбарлигидаги ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегация 12 август куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонларга вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ўзаро алоқалар учун хизмат қиладиган имкониятлар, туризм ва бошқа соҳалар салоҳияти бўйича атрофлича маълумот берилди.
Лебап вилояти делегацияси Президентнинг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, унинг меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Когон туманидаги «Сиёвуш Комрон фуд» масъулияти чекланган жамиятига қарашли интенсив боғ меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари, туркманистонлик меҳмонлар Исмоил Сомоний мақбараси, Лаби ҳовуз мажмуаси, Арк қалъаси, шунингдек, Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасасидан иборат Пойи Калон мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилди.
«Неча асрлардан буён улуғворлиги билан барчада ҳавас уйғотиб келаётган Бухоронинг тарихий ва кўҳна ёдгорликларидан ҳайратдамиз, — деди туркманистонлик меҳмон Саломат Ҳусаинова. — Бу ердаги ҳар бир обида тарихингиз буюклиги, санъатингиз бетакрорлигидан дарак беради».
Сафар Нодир девонбеги мадрасасида ташкил этилган концерт дастури билан якунланди.
Изоҳ (0)