Имо-ишоралар тилини ўрганиб, машҳур бўлиб кетган Чантек лақабли орангутан АҚШнинг Атланта шаҳридаги ҳайвонот боғида 40 ёшида вафот этди, деб ёзади «РИА Новости».
Хабарларга кўра, у юрак хасталигидан даволанаётган эди.
Чантек Атлантада туғилган ва тўққиз йил Чаттанугадаги Теннесси университетида антрополог Лин Майлз билан яшаган. У ўз хонасини йиғиштиришни, қўлда буюмлар ясашни ва асбоблардан фойдаланишни, шунингдек, университетдан Dairy Queen фастфуд тармоғигача бўлган йўлни ўрганиб олган.
Бундан ташқари, Чантек орангутанлар ичида биринчилардан бўлиб имо-ишоралар тилини ўрганиб, унинг ёрдамида 1997 йилдан буён яшаб келган ҳайвонот боғидаги қўриқчилар билан мулоқот қилган. Маймун тортинчоқлиги туфайли, имо-ишоралар тилида бегона кишилар билан сўзлаша олмаган.