Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «2017-2021 йилларда мамлакатимизда дерматовенерология хизматини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» канали хабар қилди.
Қарор аҳоли ўртасида дерматовенерологик касалликларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, мазкур соҳани янада ривожлантириш ҳамда дерматовенерология хизматининг моддий-техник базасини ва кадрлар потенциалини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди.
Унда дерматовенерологик касалликлар ва улар асоратларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, жаҳон стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда республика дерматовенерология хизматининг меъёрий базасини такомиллаштириш, дерматовенерология хизматининг тиббий муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қайта тиклаш ва мукаммал таъмирлашни амалга ошириш, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш орқали замонавийлаштириш, аҳолининг замонавий юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларидан фойдаланишини яхшилаш, дерматовенерологик касалликларни даволашда юқори самарага эришиш каби вазифалар дерматовенерология хизматини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Қарорга мувофиқ 2018-йилнинг 1 январдан бошлаб вилоят марказларидан узоқда жойлашган аҳолини тўлиқ қамраб олишни ҳисобга олган ҳолда Бекобод шаҳри, Денов, Тўрткўл ва Янгиқўрғон туманларида туманлараро тери-таносил касалликлари диспансери, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидаги юридик шахс шаклида бўлмаган, ходимлар сони 12 штат бирлигидан кўп бўлмаган, дерматовенерология ва тиббий косметология экспериментал илмий лабораторияси ташкил этилади.
Экспериментал лаборатория дерматовенерология ва тиббий косметология соҳасида замонавий илмий ютуқларни ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ қилиш бўйича мувофиқлаштириш-услубий ишларни, дерматовенерологик касалликлар ва улар асоратларининг олдини олиш самарали дастурларини ишлаб чиқиш орқали эпидемиологик ҳолат мониторингини таъминлайди, лабораториянинг ишлаши ва унинг моддий-техника базасини ривожлантиришга бюджетдан мақсадли ажратилган пул маблағлари, Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган илмий лойиҳалар танловлари натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига иш юритади.
Изоҳ (0)