Спорт журналистига раддия берган «Шўртан» матбуот хизмати якунда адашган бўлиб чиқди. Бу ҳақда «Championat.asia» сайти маълумот берди.
29 июнь куни журналист Фахриддин Чориев «Эшитдик-да» рукнига хабар жўнатиб, тез орада Эдгар Гесс «Шўртан» бош мураббийига айланишини маълум қилган. Бунда хабар муаллифи аниқ маълумотларга асосланмагани учун ҳам, вазиятни «бўлиши мумкин» қабилида тушунтирган.
Ғузор футбол клуби матбуот хизмати эса бунга жавобан «Расмий баёнот: Савияси паст журналистлар хизматига ҳожат қолмасин», деб бонг урган. «Баъзи бир журналистлик касбий маҳорати паст ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилмайдиган шахслар томонидан нотўғри ва айтиш жоизки, асосланмаган, ўқувчиларни чалғитувчи, норасмий хабарлар чоп этилмоқда», — деб ёзилган баёнотда. Бунда матбуот хизмати «Championat.asia» билан ўзаро муносабатларни ҳам тилга олиб, бундай хабарлар унга раҳна солиши мумкинлиги эслатган. Раддиянинг тўлиқ шаклини шу линк орқали ўқиш мумкин.
Бунда матбуот хизмати баённомасидан кўра, эркин журналист устидан юмалоқ хатга ўхшаб кетадиган мақола ёзилган ва журналист иш олиб боришни билмасликда айбланган.
«Championat.asia» кейинроқ Фахриддин Чориевнинг айтганлари тўғри бўлиб чиққани ҳақида хабар берди. Гарчи «Шўртан» матбуот хизмати Эдгар Гесснинг бош мураббий бўлиши ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини айтган бўлса-да, кўп ўтмай чиндан ҳам Гесс Ғузор клуби билан шартнома имзолади. Шунга қарамай, жамоа матбуот хизмати аввалроқ билдирган раддияси ҳақида қайтиб эсламаган ва ҳақоратланган спорт журналистидан расмий равишда узр ҳам сўрамаган.
Изоҳ (0)