Муҳим транспорт лойиҳалари амалга оширилиши билан Озарбайжон учун қўшни ҳудудлар етакчи мамлакатлари билан алоқалари аҳамияти ҳам ошиб боради. Ана шундай мамлакатлар орасида Марказий Осиё харитасида марказий ўринни эгалловчи, Осиё қитъасининг юрагида жойлашган энг йирик ва муҳим давлатлардан бири Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб ёзади «Каспий.аz» нашри.
Таҳлилчилар ва экспертлар Марказий Осиёда энг кўп сонли аҳолига эга бўлган, ҳудуднинг барча мамлакатлари билан чегарадош Ўзбекистон хавфсизлик ва барқарорлик омили ролини бажараётганлигини бир овоздан тасдиқлайди. Ушбу мамлакат бугунги кунда сиёсий алғов-далғовлик ва иқтисодий танназулга юз тутганда, ҳудуд харитаси қандай кўринишда бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистонда барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт турғунлигини таъминлаш мамлакат ҳукуматидан қанча сайи-ҳаракатни талаб қилишини англаш қийин эмас.
Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар ҳақида сўз юрита туриб, мазкур мамлакат бугунги кунда кўплаб ҳудудий таҳдидлар билан юзма-юз бўлганлигини тушуниш лозим. Гап террорчилик ташкилотлари, Афғонистон билан қўшничилик каби беқарорлаштирувчи омил, наркотик савдоси ва бошқалар келтириб чиқарган муаммолар ҳақида бормоқда. Расмий Тошкент мамлакат тўқнаш келган таҳдидлар даражасини жуда яхши тушунади. Мамлакатнинг сиёсий раҳбарияти ушбу таҳдидларни бартараф этишга муваффақ бўлмоқда.
Албатта бу барқарорлик асосида авлодларнинг, шу жумладан бошқарувнинг мерос бўлиб қолиш сиёсати ётади. Мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан жорий қилинган бошқарув усуллари ва тамойиллари амалдаги президент Шавкат Мирзиёев томонидан тўлдирилиб, модернизация қилинди.
Айнан Мирзиёев бугунги кундаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт модернизациясига қаратилган йўналиш тимсоли, ўзбек жамияти томонидан кўтаринки руҳ билан қўллаб-қувватланган инсон бўлди. «Ижтимоий фикр» Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари (Тошкент, 5—15 июль) ўзбекистонликларнинг 90 фоизга яқини Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат президенти лавозимидаги фаолиятини ижобий баҳолашини кўрсатди.
Бу ҳайратланарли эмас. Шавкат Мирзиёев кўп йиллик тажрибада илк бор ўтказилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилди ва халқ ислоҳотларни маъқуллади. Таъкидлаш жоизки, Мирзиёев нафақат ўзи халқ билан мулоқотга киришди, балки узоқ вақт давомида фақат ўзи билан машғул бўлган мансабдорларни ҳақиқатда ишлашга мажбур қилди. Бу йўналишдаги муҳим қадам Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхоналарини ташкил этиш бўйича шахсий ташаббуси бўлди.
Мазкур янги тузилмаларнинг вазифаси — аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш ва мурожаатларни давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахслари иштирокида тўлиқ, объектив ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш.
Бир муддат аввал бу каби виртуал қабулхоналарнинг ишлай бошлаганлигига ўн ой тўлди. Ушбу вақт давомида мурожаатлар сони бир миллиондан ошди ва уларда 26 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар энг фаол фуқаролар бўлди. Фуқаролар асосан турар-жой билан боғлиқ муаммолар, ишга жойлашиш, моддий ёрдам ва суд мунозаралари масалалари бўйича мурожаат қилмоқда. Мазкур йўналишларнинг барчаси президент аппаратида изчиллик билан таҳлил қилинмоқда, хулосалар чиқарилиб, улар қабул қилинаётган қонун ва фармонларда ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари, охирги вақтлар мобайнида Мирзиёев солиқ, пенсия, банк тизими ислоҳотини йўлга қўйди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ўзгартирди, бутун мамлакат бўйлаб тўхтаб қолган ўнлаб зарур қурилишларни қайта ишга туширди.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги сезиларли фаоллиги ҳам эътиборга молик. Тошкент мамлакатнинг яхши қўшничилик ва тинчликсеварликка асосланган ташқи сиёсат тамойилларини сақлаб қолган ҳолда ички ҳудудий ва халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган тобора кўпроқ аҳамиятга эга ташаббуслар билан чиқа бошлади. Транспорт ва энергетика стратегиясини ривожлантира бориб, Ўзбекистон муҳим транспорт марказига айланмоқда.
Чуқур тарихий алоқалар, яқин ва дўстона муносабатларга эга бўлган Озарбайжон ва Ўзбекистонда мазкур муносабатларни янги шарт-шароитларда давом эттириш учун барча шароитлар мавжуд. Яқинда икки мамлакат етакчилари Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев ўртасида ислом давлатлари ва АҚШнинг Ар-Риёддаги саммити доирасида учрашуви бўлиб ўтди. Мамлакатлар етакчилари икки томонлама ҳамкорлик билан боғлиқ масалаларнинг кенг доирасини муҳокама қилди. Шу муносабат билан икки мамлакат етакчиларининг сайи-ҳаракатлари билан яқин вақт ичида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилишига ишонч билдириш мумкин.
Янгиланган Ўзбекистон унинг янги етакчиси ҳаракатлари туфайли бундан кейин ҳам Озарбайжоннинг Марказий Осиё ҳудудидаги энг ишончли ва яқин ҳамкорларидан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Изоҳ (0)