Жорий йилнинг 22–28 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остонада Канн, Берлин, Венеция каби «А» тоифасидаги нуфузли фестиваллар қатори Продюсерлик ассоциациялари халқаро федерацияси (FIAPF) томонидан аккредитация қилинган Марказий Осиёдаги йирик кинофорум — «Евросиё XIII» Халқаро кинофестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дарё»га Кинематографияни ривожлантириш маркази матбуот хизмати маълум қилди.
Фестиваль тарихида биринчи марта ўтказилаётган Eurasia Film Market кинобозорида МДҲ, Шарқ (Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея) ва Ғарб (Европа, АҚШ) мамлакатларидан фильмлар харидорлари, дистрибьютерлар, сотув ишлари бўйича агентлар ва фильмлар ҳуқуқ эгалари қатнашиб, улар иштирокида ўтказиладиган кинолойиҳалар питчинги, давра суҳбатлари, матбуот конференциялари, мастер класслар ва бошқа тадбирларда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда киноиндустрияси ривожланган Осиё ва Европа мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик қилиш учун қулай шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Ўзбекистонлик ёш режиссёр Мухлиса Азизованинг «Она» («У») қисқа фильми фестивалда иштирок этиш учун топширилган уч юздан ортиқ қисқа фильмлар орасидан саралаб олинди ва фестивалда иштирок этиш учун қабул қилинди.
Бундан ташқари, халқаро кинофестиваль доирасида 24 июль куни бўлиб ўтадиган Eurasia Spotlight 2017 питчингида Мухлиса ўзининг «Skorpion» («Чаён») номли фильм лойиҳаси билан қатнашади.
Изоҳ (0)