Шавкат Мирзиёев 17 июль куни аҳолини дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий тақчиллик ва нарх оширилишига йўл қўймасликка қаратилган яна бир қарорни имзолади. Бу ҳақда, «Ахборот» дастурига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, 1 августдан эътиборан ижтимоий аҳамиятга молик моллар рўйхатига киритилган дори ва тиббиёт воситаларининг чет элдан харид қилиниши истисно тариқасида «Ўзмедэкспорт» давлат ташқи иқтисодий корхонаси томонидан амалга оширилади. Харидлар тендер сотувлари ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида тиббий муассасалар ва аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиши республика комиссияси томонидан ўрнатилган нархлар бўйича амалга оширилади.
Тиббиёт маҳсулотлари сертификацияси «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган давлат сертификация органлари томонидан амалга оширилади.
Дорихоналар 2018 йилнинг 1 январига қадар тиббиёт маҳсулотларини чакана сотиш бўйича лицензияларини Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятларидан қайтадан расмийлаштириши лозим. Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент соғлиқни сақлаш бош бошқармаси стуртураларида дориларнинг чакана реализациясида лицензион талаблар ва шартларга риоя этилишини назорат қилувчи секторлар ташкил этилади.
Республика комиссиясига эса бир ой мухлат ичида ижтимоий аҳамиятга молик моллар рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг савдо номларига курсдаги тафовутлар келтириши мумкин бўлган зарарни ва таъсирни камайтиришни инобатга олган ҳолда аниқ чакана нархлар ўрнатиш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз ижтимоий дорихоналари тармоғини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши лозим. Бу ижтимоий аҳамиятга молик дориларни топиш имкониятини оширишга ҳамда дориларни рецепт бўйича сотиш тартибини қаттиқлаштириш ҳамда бундай дорилар реализацияси мониторингининг электрон тизимларини жорий этиш ҳисобига фуқаролар томонидан дори воситаларининг назоратсиз истеъмол қилинишининг олдини олишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Изоҳ (0)