Украина осмонида ҳалокатга учраган Boeing MH17 рейси қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси Нидерландияда очилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Фожианинг уч йиллигига бағишлаб ташкил этилган очилиш маросимида мамлакат қироли Виллем-Александер рафиқаси Максима, бош вазир Марк Рютте, ҳукумат аъзолари ҳамда ҳалок бўлганларнинг 2 мингга яқин қариндошлари иштирок этди.
Мажмуа Вейфхейзен шаҳри яқинида, пойтахтнинг Схипхол аэропортидан узоқ бўлмаган ерда жойлашган. У 298 дарахт экилган боғдан иборатдир — фожианинг ҳар бир қурбони хотирасига биттадан дарахат экилган. Ҳар бир дарахт ёнидаги тахтачага бир қурбоннинг исм-шарифи ёзилган.
«МН17 фожиаси» жамғармаси маълумотларига қараганда, мажмуага 2 миллион евро ишлатилди. Нидерландиянинг энг йирик компаниялари бу ишга пул ажратди, дарахтлар эса Шимолий Брабант провинциясидан келтирилди, Амстердам муниципалитети, ўз навбатида, ҳосилдор ер тақдим этди. Муниципалитет ходимаси ҳам авиаҳалокат қурбони ҳисобланади.
2014 йил 17 июлида Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 йўловчи самолёти Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган пайтда Донеск вилояти осмонида уриб туширилган эди. Бунинг оқибатида 283 йўловчи ва 15 нафар экипаж аъзоси, жами ўн мамлакат фуқароси ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)