Хонандалар Шароф Муқимов, Азиза Ниёзметова ҳамда Шерали Бекмуродовларнинг лицензияси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров журналист Феруз Муҳаммадга маълум қилди.
«Хабарингиз бор, бугунги кунда санъаткорлар лицензия учун бир йиллик мажбурий тўловлар энг ками уч ойлик муддатга ўзгартирилди. Эндиликда санъаткорлар бир йил учун мажбурий тўлов тўламайдида, шароитидан келиб чиқиб уч ойлик тўловларни тўлаб, фаолиятларини давом эттираверади. Шундай имкониятлар яратилган бўлишига қарамасдан, атиги бир ойда энг кам иш ҳаққининг бир баравари миқдоридаги ижтимоий мажбурий суғурта тўловини тўлаган, оқибатда қарздорлиги 3 миллион сўмдан ошиб кетган хонандалар ҳам йўқ эмас. Бу тўловни 3 миллион сўм бўлиб кетиши учун камида икки йил вақт керак бўлади. Хонандалар Шароф Муқимов, Азиза Ниёзметова ҳамда Шерали Бекмуродовларнинг лицензияси ижтимоий мажбурий суғурта бадалини ўз вақтида тўламагани сабабли вақтинча тўхтатиб қўйилди. Бу санъаткорлар доимий ижод қилиб юрган хонандалар ҳисобланади, булар учун бу тўлов қийинчилик туғдиради деб ўйламайман», — деди Одилжон Абдуқаҳҳоров.
Изоҳ (0)