Андижонда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва транспорт воситаларини бошқаришда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишларини аниқлаш мақсадида авторейдлар ўтказиб келинмоқда. Бу авторейдлар натижасида 1786 маст ҳайдовчи қўлга тушди, деб хабар қилди Андижон ИИБ матбуот хизмати.
«Соҳа ходимлари томонидан ўтган олти ой давомида ўтказилган авторейдлар натижасида 1786 шахс транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги, 7639 шахс транспорт воситасини белгиланган тезлик меъёрларини ошириб бошқарганлиги, 1250 шахс светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига риоя қилмасдан ҳаракатланганлиги, 30973 шахс хавфсизлик камарини тақмай ҳаракатланганлиги ҳолатлари аниқланиб, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Патруль-пост хизмати баталёнининг пиёда ва автопатруль йўналишларида хизмат олиб бораётган ходимлари томонидан фуқароларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ўткир кесувчи буюмларни аниқлаш ва уларни зарарсизлантириш борасида тадбирлар олиб борилаётгани ҳақида хабар қилган.
«Ўтказилган тадбир давомида тунги вақтларда бемақсад юрган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш мақсадида ИИБ биноларига олиб келинмоқда ва улардан фуқароларнинг соғлиғига амалда зарар етказиши мумкин бўлган 100 дан ортиқ ўткир кесувчи буюмлар аниқланиб, уларни зарарсизлантириш чоралари кўрилди», — дейилади «Дарё»га тақдим этилган хабарномада.