Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 йўлидаги рақиблари ҳисобланган Қатар ва Жанубий Корея термалари янги бош мураббийлар билан шартнома тузди.
Жанубий Корея термасига бош мураббий этиб Шин Тае Йонг тайинлангани ҳақидаги хабар ОФК расмий сайтида чоп этилди. Бунга қадар кореяликларга устозлик қилган германиялик мутахассис Ули Штилике Қатарга қарши мағлубиятдан кейин истеъфога чиқариб юборилганди.
Олдинда Жанубий Корея термасини Эрон ва Ўзбекистонга қарши учрашувлар кутиб турибди. 31 август куни Сеулда форсларни қабул қиладиган кореялик футболчилар, 5 сентябрь куни Тошкентда меҳмон бўлади.
Шин Тае Йонг германиялик мутахассис ташрифига қадар, аниқроғи, 2014 йилнинг сентябрида Жанубий Корея термасида бош мураббий вазифасини вақтинчалик бажариб турган. 46 ёшни қаршилаган мутахассис 2005 йилдан буён мураббий соҳасида меҳнат қилади. У аввалига «Брисбен Роар» клубида уч йил ёрдамчи бўлган. 2010—2012 йилларда «Сеонгнам Илва Чунма»ни бошқарди.
Сўнгги икки йилда Шин Тае Ёнг Жанубий Корея U20 ва U23 термаларида ишлаб келди.
Ўз навбатида Қатар термаси саралашнинг сўнгги турида Жанубий Кореяни мағлуб этганди. Шунга қарамай, бош мураббий Хорхе Фосатти истеъфо беришга қарор қилди. Олдиндаги икки учрашувда қатарликларга испаниялик Феликс Санчес бошчилик қилади.
Иккитагина икки ўйин учун қатарликлар янги мураббий билан шартнома тузиб ўтирмади. Феликс Санчес Қатар U23 термасини бошқариб келаётганди. Олдиндаги икки ўйинда у миллий термага ҳам жавоб беради. Шундан сўнг мутлақо янги мутахассис Доҳада ишлаш учун жалб қилинади. Бу ҳақда «Championat.asia» Қатар футбол ассоциацияси расмий сайтига таяниб хабар берди.
Изоҳ (0)