Айни кунларда Ўзбекистоннинг Андижон, Хоразм, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилаётган ёнилғи тақчиллиги сунъий равишда юзага келмоқда. Бу ҳақда, «Ўзнефтмаҳсулот» компанияси матбуот хизмати баёнотига асосланиб, UZ24 хабар бермоқда.
Вилоятларда, хусусан, Андижонда бензин етишмовчилиги ҳақида Facebook фойдаланувчилари ёзмоқда. Улардан бири автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ)га бензин фақат 27 июнь куни келганини ва бу бензиннинг литрини 4 минг сўмдан сотиб олганини маълум қилган: «АЁҚШларда бензин йўқ, лекин кўчадан 4 минг, 4,5 минг сўмга олса бўлади».
«Бугун эрталаб машинамга 40 литр ёнилғи қуйдим. Машина жуда кўп, АЁҚШнинг тўртта қатори баравар ишлади ва менга 12 дақиқада навбат кетди. Соат 11:00 да эса бензин қолмади», — деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи.
«Ўзнефтмаҳсулот» маълумотларига кўра, ҳафтада 2—3 маротаба ҳудудлардаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ)ларда бензин йўқлигидан шикоят қилиб қўнғироқ қилаётганлар бор, шикоятларда чайқовчиларнинг ёнилғини кўчада ноқонуний сотаётгани ҳам айтилмоқда.
Республика бўйлаб барча АЁҚШларга ёнилғи етказиб бериш жадвал асосида бажарилади. Куннинг иссиқ бўлиши ва хавфсизлик сабабли ёнилғи эрта тонгдан сотила бошлайди. Куннинг ярмига келиб бензин тугайди. Лекин бу бензин тақчиллигининг асосий сабаби эмас. Хусусий АЁҚШлар қўшимча даромад олиш мақсадида ёнилғини олиб-сотарларга пуллайди ва натижада сунъий тақчиллик юзага келади.«Ўзнефтмаҳсулот» қайд этишича, ҳозирда компания жойларда рейдлар ўтказмоқда. Рейдларнинг дастлабки натижалари, ёнилғини олиб-сотарларга пуллаётгани аниқланган АЁҚШларга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида ахборот берилмаган.«Ўзнефтмаҳсулот» баёнотидан
Изоҳ (0)