Европанинг баъзи мамлакатларида чидаб бўлмайдиган иссиқ об-ҳаво ҳукмрон. Ундан, айниқса, офис дресс-коди ишга шимларда келиш мажбуриятини юкловчи эркаклар азият чекмоқда. Улардан баъзилари норозилик белгиси сифатида ишга кўйлак ва юбкаларда келди, ижтимоий тармоқларда эса бу аста-секин флешмобга айланмоқда. Эркаклар кўчага аёллар кийимида чиқиб нималарга эришаётганлиги ҳақида Meduza нашри ҳикоя қилади.
Юбка жазирамага қарши
19 июнь куни Британиянинг Бакингемшир графлиги фуқароси Жоуи Барж жазирама туфайли ишга шортида келди: у шу тариқа офис дресс-кодининг адолатсизлиги билан курашишга қарор қилди. Барж офисга аёллар каби очиқ оёқлар билан келишга рухсат бериш-бермасликларини текшириб кўрмоқчи бўлди (Шорти иш услуби доирасида эркаклар учун рухсат берилмаган кийим ҳисобланади). Раҳбарият уни кийимини алмаштириб келиш ва шимда қайтишини талаб қилиб, уйга қайтарди. Бироқ Жоуини бу тўхтатиб қолмади. У ишга қайтишда тиззадан юқорида турадиган онасининг кўйлагида қайтди. Унда тушган бир нечта суратни Twitter’га ҳам жойлади.
Жоуининг ушбу ҳаракатларини ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва унинг иш берувчилари муносиб баҳолади: бир неча соатдан сўнг у ва компаниянинг барча ходимларига компания дресс-кодни қайта кўриб чиққанлиги ҳақида хат келди. Энди эркакларга ишга тиззадан сал юқори — қора, тўқ кўк ёки оч сариқ рангдаги шорти кийишга рухсат берилди.
Топқир британияликнинг ҳаракати бошқа европаликларни ҳам дресс-коддаги гендер дискриминациясига қарши чиқишга илҳомлантирди. 20 июнь куни Нант шаҳри автобус ҳайдовчилари — французлар ишга юбкаларда чиқди.
Касаба уюшмаси аъзоларидан бирининг тушунтириш беришича, жазирама ва қуёш ҳайдовчи кабинасидаги ҳаво ҳароратини чидаб бўлмас даражага етказади. Намойишчилардан яна бири шортиларнинг тақиқланиши мутлақо асоссиз эканлиги, сабаби йўловчи ўрнидан ҳайдовчи нима кийганлиги ҳатто кўринмаслигини маълум қилди.
Бу эркаклар ноқулай дресс-кодга қарши норозилиги билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2013 йилнинг ёзида швед ҳайдовчилари ва машинистлари ишга юбкаларда чиққан эди. Ўшанда кондиционер билан жиҳозланмаган автобус ва поездлар кабиналаридаги ҳаво ҳарорати 35 даражагача кўтарилган эди. Шундан сўнг транспорт компанияси эркакларга ён босиб, иш кийими қоидаларини қайта кўриб чиққан эди.
Юбкалар зўравонликка қарши
Жазирама эркаклар кўчаларга юбкаларда чиқишининг ягона сабаби эмас. 2013 йилда ҳиндистонлик эркаклар аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик муаммосига эътибор қаратиш учун юбкалар кийган эди. Бу расмий норозилик акцияси бўлмасдан, ташкилотчилар иштирокчиларни ўз одатий кунини юбкада ўтказишга: унда ишга, дўкон ёки кинога боришга ундади.
2015 йилда туркиялик эркаклар ҳам аёлларга нисбатан зўравонликка қарши норозилик намойишига юбкаларда чиқди. Бунга 20 ёшли Озгежан Асланнинг ўлими сабаб бўлди: қизни автобус ҳайдовчиси зўрлашга уринган, у қаршилик кўрсатгани учун ҳайдовчи уни ўлдирган эди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда #ozgecanicinminietekgiy («Озгежан учун мини-юбка кий») хештеги остида флешмоб ўтказилди: эркаклар аёлларнинг ҳеч қандай ташқи кўриниши ва кийими зўравонлик учун сабаб бўла олмаслиги белгиси сифатида калта юбка ва кўйлаклардаги суратларини ижтимоий тармоқларга жойлади.
2016 йилнинг 1 январида Кёльнда аёл кишига нисбатан содир этилган ҳужумдан сўнг Амстердам аҳолиси ҳам «юбка намойишига» қўшилди. Бунга Кёльн мерининг чиқишидан норозилик сабаб бўлди. Генриэтти Рекер содир бўлган ҳодиса учун қисман аёлларнинг ўзи ҳам айбдор эканлигини маълум қилди. Ҳужумдан кейинги матбуот анжуманида Рекер аёллар ҳужумлар олдини олиш учун тегишли тарзда кийиниши ва ўзини тутиши лозимлигини маълум қилди. «Муаммо аёллар қандай кийим кийишида эмас, эркаклар ўзини қандай тутишида», — дея таъкидлади намойиш ташкилотчиларидан бири.
Изоҳ (0)