2017 йилнинг 5 июль куни соат 14:00 дан 16:00 гача бўлиб ўтадиган ташқи ишлар вазирининг ватандошлар, жумладан, хориждаги ҳамюртлар билан тўғридан-тўгри мулоқотига тайёргарлик давом этмоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, ҳозирда вазирлик Халқаро пресс-клуб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Миллий телерадиокомпания ҳамда Электрон ОАВ миллий ассоциацияси билан биргаликда мулоқотни юқори даражада ташкиллаштириш, фуқаролар манфаатларига дахлдор масалаларни ўз вақтида ечиш учун тизимли ишларни олиб бормоқда.
«Ватандошларимиздан бизнинг манзилимизга келиб тушаётган саволларнинг мазмуни ва характеридан келиб чиққан ҳолда тадбирда мамлакатимиз ваколатли идоралари — Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассисларининг ҳам иштирок этишлари кутилмоқда», — дейилади хабарномада.
Мулоқотга жамоатчилик, миллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳам таклиф этилади. Видеоконференцияга тайёргарлик кўриш ишига барча хориждаги ваколатхоналар жалб қилинган. Ҳозирги кунда улар зарур техник қурилма ва видеоаппаратура мосламалари билан тўлиқ таъминланган.
Фуқароларнинг хоҳишига биноан ва Тошкент шаҳри билан вақтдаги бир неча соатлик тафовутни инобатга олган ҳолда айрим элчихона ва бош консулхоналар томонидан фуқаролар мурожаатлари тасвирга олинди ва улар ташқи ишлар вазирининг тўғридан-тўғри мулоқоти доирасида намойиш этилади.
Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги муассасаларга келиб тушган мурожаатлар диққат билан ўрганилмоқда ва уларнинг баъзилари юзасидан аниқ қарорлар қабул қилинди ҳамда аризачига ўз вақтида маълум қилинди.
Саволлар миқдорининг катталиги ва мулоқотга ажратилган вақтнинг чекланганлигини инобатга олиб, видеоконференцияда эълон қилинмаган мурожаатлар бўйича аризасига асосли жавоб берилади.
Изоҳ (0)