Цюрих шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ўзфармсаноат» акциядорлик компанияси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек, тўқимачилик ва фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган ўнга яқин компания вакиллари иштирок этди.
Форумда швейцариялик бизнесменларга Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳияти, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўрсатаётган хизматлар, икки томонлама ҳамкорлик йўлида эришилган натижалар ва устувор йўналишлар, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий харидорлар учун тижорат таклифлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
Бизнес-форум доирасида эришилган келишувга мувофиқ, Швейцария ва Европа Иттифоқи давлатларидаги импорт қилувчи корхоналар, йирик савдо тармоқлари ва ритейл-компаниялар, тадбиркорлар уюшмалари, бирлашмалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, уни янада фаоллаштириш, хусусан, ушбу мамлакатлар бозорида Ўзбекистон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспортга етказиб беришни йўлга қўйиш, юртимиз тадбиркорларининг йирик кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиши, қўшма тадбирлар ўтказиш, зарур лицензия ва сертификатлар олиш ишларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Икки томонлама музокаралар чоғида томонлар тегишли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди. Швейцария компаниялари вакиллари Ўзбекистон компанияларининг тижорат таклифлари, ҳамкорликда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Изоҳ (0)