Сурхондарё вилоятида турар-жойга эҳтиёжманд ва меҳнатга лаёқатсиз бир гуруҳ ногирон хотин-қизларга замонавий тикув машиналари топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур воқеага бағишлаб Шеробод тумани ҳокимлигида ўтказилган тадбирда айтилишича, Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига уй ёки турар-жой қуриш учун ер ажратилишини сўраб мурожаат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Турар-жойга муҳтож фуқаролар орасида меҳнатга лаёқатсиз ногирон хотин-қизлар ҳам бор. Уларни бепул замонавий тикув дастгоҳлари билан таъминлаш, «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятлари таркибидаги корхоналарга касаначилик асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилган.
«Иккинчи гуруҳ ногирониман, — деди Чинобод маҳалласида истиқомат қилаётган Муқаддас Шайдулова. — Гуваладан қурилган кичкина ҳовлида икки оила яшаймиз. Бир қизимиз бор. Турмуш ўртоғим фермер хўжалиги ишчиси. Уй сотиб олишга имкониятимиз етмайди. Тикувчилик касбига жуда қизиқаман. Замонавий тикув машинаси харид қилиш катта орзуим эди. Мана, бугун замонавий тикув машинасини бепул бериб, касаначи сифатида ишга қабул қилишди. Энди барча буюртмаларни уйда ўтириб бажариб бераман. Энг муҳими, ишли бўлдим. Худо хоҳласа, ҳадемай янги уйли ҳам бўламиз. Бундай самарали тизим йўлга қўйилганидан хурсандмиз».
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)