Вазирлар Маҳкамасининг 7 июндаги қароригаг мувофиқ, ҳаж ва умра зиёратларига боришни ташкил қилишда бир қатор ўзгариш ва янгиликлар жорий этиладиган бўлди, деб хабар беради «Газета.uz».
Жумладан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига зиёратчилар учун авиачипталар нархини тушириш бўйича чоралар кўриш топширилди. Шунингдек, доимий яшаш жойини ўзгартирган шахслар ҳам сафар амалга ошириш навбатини сақлаб қоладиган бўлди.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармасига жойлардаги ҳокимият органлари билан ҳамкорликда рўйхатлар тузишда ижтимоий адолат ва холислик принципларига асосланиш топширилди. Икки ойлик муддат ичида бошқарма сайтида зиёратчилар учун ягона онлайн навбат тизими жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Ҳужжатда белгиланишича, зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичлари бепул асосда Тошкентда, Нукусда ҳамда вилоятлар марказларида ўтказилади.
2017 йили Ўзбекистондан Саудия Арабистонига борадиган зиёратчиларнинг умумий миқдори 20 фоизга ошиб, 13,2 минг кишини ташкил қилган эди. Жумладан, ҳожилар учун ажратилган квота 1,4 баробарга ўсиб, 7200 кишини ташкил қилди. Умра сафарига борувчилар сони 6 минг кишилигича қолган эди, аммо юқоридаги қарорга биноан, уларга ажратиладиган квота эндиликда 10 мингга етказилди.
Изоҳ (0)