Вилоятларда ҳамда йил охирлаб боргани сари Тошкент шаҳрида бензин тақчиллиги ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида узундан узун навбат юзага келади. «Ўзбекнефтмаҳсулот» АК бошқаруви раиси Музаффар Файзиев Халқаро пресс-клубнинг 14 июнда бўлиб ўтган сессиясида журналистларнинг ана шу масаладаги саволларига жавоб берди.
Музаффар Файзиевнинг айтишича, «Ўзбекнефтмаҳсулот» бензинни хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларига сотганидан сўнг уни тарқатилиши борасида аралаша олмайди. Таҳлиллар натижаларига кўра, агар хусусий шохобчалар берилган бензинни вақтида сотса, бензин етади. Айрим хусусий шохобчалар икки соат бензин сотиб, қўшимча даромад олиш учун қолганини олиб-сотарларга сотади.
«Ўзбекнефтмаҳсулот» раҳбарининг қайд этишича, келажакда автомобилларда газ ёқилғисидан фойдаланиш устунлик қилади. Бу мамлакатда захираларга боғлиқ равишда нефть қазиб чиқаришнинг йилдан йилга камайиб бораётгани ва нефтни импорт қилинаётгани билан изоҳланмоқда. Айни вақтда Ўзбекистон Россия, Қозоғистон ва Туркманистондан нефть сотиб олмоқда.
Жиззах нефтни қайта ишлаш заводининг 2020 йилда ишга тушиши натижасида бензин, унинг сифати билан боғлиқ муаммолар бартараф этилишига ишонч билдирилмоқда.
Изоҳ (0)