Бугунги кунда вайронкор кучга эга бўлган порнографиянинг тарғиботи жиноятга етакловчи куч сифатида намоён бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. АҚШнинг Юта университети психологи Виктор Клайннинг таъкидлашича, инсонда порнографияга ўрганиш аввал ҳиссиётлар, сўнг онг хиралашувига олиб келади ва бу каби босқичлар жамиятда зўравонлик, шафқатсизлик каби жиноятларнинг келиб чиқишига бош сабабчи бўлади, деб ёзади Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати ходими Гавҳар Маҳмудовна.
Хорижнинг криминал дунёсида беш нафар ўғил бола ўлимига алоқадор жиноятчи сифатида танилган Артур Гари Бишоп руҳшунос билан суҳбати жараёнида «Порнография менинг қулашимни белгилаб берди» деган эди. 28 нафар аёлнинг қотилига айланган Тед Банди эса ўз вақтида порнографияга муккасидан кетган мухлис сифатида таърифланган.
Сурхондарё вилоятининг чегара-божхона комплекслари ва постлари орқали ўтаётган айрим йўловчилар томонидан ушбу турдаги қоидабузарликлар ҳамон содир этилаётгани афсусланарли.
Масалан, «Сариосиё» темир йўл чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган хорижлик 20 ёшли Н.Кибриёнинг қўл юклари орасидаги телефони божхона кўригидан ўтказилганда, унинг хотирасида 26 дона беҳаё мазмундаги ролик мавжудлиги аниқланди.
Кибриё бу телефон унинг шахсий мулки, унда сақланаётган маълумотлар тўғрисида ўзи жавобгар эканлиги, бундан ташқари Ўзбекистонда порнографик материаллар тақиқланганлиги ҳақида биринчи марта эшитаётганлигини эътирозли оҳангларда таъкидлади. Аммо қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.
Суд қарорига кўра Н.Кибриё Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унинг 1 миллион 200 минг сўмга баҳоланган Samsung Galaxy J3 Duos русумли телефон аппаратидаги беҳаё тасвирлар мутахассис томонидан тозалангач, давлат эгалигига ўтказилиши кўрсатилди.
Ушбу мазмундаги 98 дона видеороликни ўз телефонида сақлаб келаётган фуқаро Б.Лочин Москва—Термиз рейси билан Сурхондарёга учиб келганида, божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди. Телефон аппаратидаги порнографик материаллар ҳақида сўралганда, Б.Лочин бир муддат илгари 2 минг Россия рублига телефон сотиб олгани ва ушбу телефон аппаратидан шу вақтга қадар ўзи билан бир қаторда бошқа танишлари ҳам фойдаланиб келганлигини таъкидлади.
Яна бир ҳолатда Сурхондарё божхона масканларидан транзит тарзида ўтаётган чет эл фуқароси Б.Темурнинг қўл юклари соҳа ходимлари томонидан текширилганда, ушбу йўловчининг телефон хотирасида 506 дона беҳаё видеолавҳа борлиги аниқланди. Суд қарори билан тегишли жазога тортилган ҳуқуқбузарнинг телефон хотираси тозалангандан сўнг, давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.
Ушбу мазмундаги турли ахборотларни Интернетдан исталганча юклаб олиш на божхона ва на бошқа чегараларга бўйсунмайди, уларни Ўзбекистон ҳудудида бўла туриб ҳам, бемалол олиш мумкин деган фикр юзага келиши мумкин. Лекин, бунинг учун ҳам миллий қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланган!
Изоҳ (0)