5—10 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятлари аҳолиси билан очиқ мулоқот тарзида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Мансур Абдусатторов «Дарё»га маълум қилди.
Сайёр қабулларда вазирликлар, шаҳар ва туман ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар, суд органлари раҳбарлари ҳамда бошқа тегишли бошқарма ва ташкилотлардан 180 дан зиёд мутасадди иштирок этди.Тадбирларда таъкидланганидек, бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи аҳолидан жами 53 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Хусусан, Қорақалпоғистондан – 22 минг, Хоразм вилоятидан эса – 31 минг.
Мурожаатларнинг аксарият қисми мазмуни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, иш билан бандлик, пенсия, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларнинг тўланиши, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қурилиш учун ер ажратиш, йўл ва кўприкларни таъмирлаш борасидаги муаммолардан иборат.
Ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлаш тизимини тўғри ташкил этмаслик, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрларни жалб этмаслик ҳамда таҳлил ишларини йўлга қўйилмаслик оқибатида Қорақалпоғистонда мурожаатларнинг 27 фоизга, Хоразм вилоятида эса саккиз фоизга яқинига кечиктирилган ҳолда жавоб берилган.Сайёр қабуллар давомида Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилояти аҳолисининг мингдан зиёд мурожаати жойида кўриб чиқилиб, 65 фоиздан зиёди ижобий ҳал этилди, қолган қисми эса асосли деб топилиб, ижро учун муддат белгиланиб, назоратга олинди.
Мисол тарзида соғлиқни сақлаш соҳасида 115 та мурожаат ижобий ҳал этилиши, жумладан, 21 та ногиронлик аравачаси берилиши, 43 та даволаниш учун ордер ажратилиши, 12 та ҳолатда ногиронлик белгиланишини; 22 та ер ва кадастр ҳужжатининг расмийлаштирилиши билан боғлиқ масалалар ҳал этилишини; коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 31 та, жумладан, 25 та ичимлик суви муаммоси бўйича ижобий қарор қабул қилинишини келтириш мумкин.Жумладан, фуқаро Б.Анорова ўғли Ж.Сафарбаевнинг чап ёнбош суягида ўсимта пайдо бўлгани сабабли ушбу ўсимтани хорижда жарроҳлик йўли билан олдириб ташлаш учун моддий ёрдам сўраб, виртуал қабулхонага мурожаат қилган эди. Сайёр қабул давомида Тошкент шаҳри онкология илмий текшириш институтига Россия федерациясидан малакали шифокорлар амалий ёрдамга келиши муносабати билан Ж.Сафарбаев бепул жарроҳлик амалиётидан ўтказиладиган бўлди.
Фуқаро Б.Бозорбаевнинг қиш мавсумида табиий газ босими паст бўлиши ҳақида, Ж.Хайтимбетовнинг А.Яссавий кўчасида жойлашган хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ёзган мурожаатлари, шунингдек, 1-гуруҳ ногирони Ж.Султоновнинг моддий ёрдам сўраб ёзган аризаси, касб-ҳунар коллежини тамомлаган фуқаро Н.Ҳайтакованинг ишга жойлашиш тўғрисидаги, фуқаролар Ж.Ўразимбетов ва Р.Сарибоевнинг ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ижобий ечимини топиб, қаноатлантирилди.
Учрашувлар якунида кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича республика, вилоят ва туман даражасидаги мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Изоҳ (0)