2015 йилнинг май ойларида, Яшнобод тумани ҳудудида, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланган Нурали Ризақулов таниши Эрали Собировнинг ишончига кириб, «Отчопар бозори»дан дўкон олиб беришни ваъда қилиб, ундан 25 500 АҚШ доллари олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Эрали Собиров икки йил давомида Нурали Ризақуловдан ваъдасини бажаришини ёки пулларини қайтариб беришини талаб қилган. Бироқ у турли баҳоналар билан алдаб келган. Шундан сўнг жабрдийда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан ёрдам сўраб, ариза билан мурожаат этди.
2017 йилнинг 5 июнь куни Яшнобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан кўп миқдорда қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Нурали Ризақуловга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)