Панаманинг собиқ президенти (2009—2014 йиллар) Рикардо Мартинелли 12 июнь, душанба куни Американинг Флорида штати Майами шаҳрида ҳибсга олинди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Операция Лотин Америкаси республикаси Олий суди талабномаси бўйича Федерал маршаллар хизмати томонидан ўтказилди. Сиёсатчига нисбатан жорий йилнинг 22 май куни Интерпол тармоғи орқали қидирув эълон қилинган эди.
Мартинелли 2015 йилнинг январь ойи охирида Панамани тарк этган эди. 2016 йилнинг июнида панамалик судья Херонимо Мехия АҚШ ҳукуматига уни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровномани юборди.
Лотин Америка мамлакати ҳукумати Мартинеллини телефон орқали музокараларни ноқонуний тинглаш, шунингдек, коррупция билан боғлиқ бир қатор жиноятларни содир этишда айбламоқда. Агар у суд жараёнида айбдор деб топилса, унга 21 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси хавф қолмоқда.
Мартинеллининг ўзи Панаманинг амалдаги ҳукумати томонидан «сиёсий таъқиб қурбони»га айланганлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)