Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўрганишлар натижаси халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Сенат раиси Н. Йўлдошев, туман ҳокими Ҳ. Ғойиров ва бошқалар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида муайян ютуқларга эришилаётгани, турли соҳаларда қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми ортаётганини таъкидлади.
Сессияда ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Кичик бизнес субъектларининг 7 фоизи фаолият кўрсатмаяпти, банк кредитлари ажратилиши масаласида эътиборсизликка йўл қўйилмоқда.
Сессияда аҳолига савдо ва транспорт хизмати кўрсатиш сифати ва маданиятини яхшилаш, туман марказидаги маданият ва истироҳат боғи фаолиятини тиклаш, коммунал тўловлар бўйича қарздорликларни бартараф этиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқа масалалар ҳам танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда халқ депутатлари туман кенгаши, доимий комиссиялар, партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ (0)