Россиянинг Суриядаги ҳарбий гуруҳи қўмондони генерал-полковник Сергей Суровикин АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалицияни террорга қарши курашиш ўрнига ИШИД жангарилари билан тил бириктираётганликда айблади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Юзлаб ва минглаб бегуноҳ сурияликларнинг ўлимида айбдор террорчиларни йўқ қилиш ўрнига АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ўз назорати остидаги ‘Демократик кучлари иттифоқи’ билан биргаликда ИШИД етакчилари билан тил бириктирмоқда. Террорчилар уларга ўз ҳудудларини жангсиз топшириб, эвазига Сурия ҳукумат кучлари жанг қилаётган ҳудудга қўйиб юборилмоқда», — деди Россия вакили.
Суровикиннинг сўзларига қараганда, Россия ҳарбийлари Раккада жангарилар ҳеч қандай тўсқинликсиз шаҳар ва унинг атрофини тарк этаётганини кузатмоқда.
«Мавжуд маълумотларга кўра, июнь ойининг бошида ИШИД террорчилари, курд қуролли отрядлари раҳбарлари билан келишиб олиб, қаршиликсиз ат-Тадя, ал-Ҳаммам пунктларини ташлаб, Пальмира томонга йўл олган», — қўшимча қилди ҳарбий амалдор.
Изоҳ (0)