Новосибирск шаҳрининг Ленинск туманида 2 ёшли болакай 7-қаватдан қулаб, омон қолди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Новосибирск вилояти бўйича бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«2 ёшли ўғил боланинг 3 июнь куни Новосибирск шаҳри, Котовский кўчасидаги 41-уйнинг 7-қаватидаги квартира деразасидан қулаши бўйича текширув олиб борилмоқда. Текширув давомида юз берган ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланади ва унинг натижаларидан келиб чиқиб, процессуал қарор қабул қилинади», — хабар берди матбуот хизмати.
Тергов маълумотларига кўра, болакайнинг онаси ухлаб қолган пайт у дераза токчасига чиқиб, очиқ деразанинг чивинга қарши тўрига тирмашади. Тўр боланинг оғирлигини кўтара олмади ва у 7-қаватдан пастга қулади.
Ҳодиса жойига етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари уни касалхонага олиб кетди. Болада қайд этилган шикастланишлар ҳаёт учун хавфли эмаслиги билдирилмоқда.