Москванинг Стрелбишенский тор кўчасидаги ижара уйда беш йилдан буён яшаб келадиган ўзбекистонлик оила 20 яшар қизи Дилнозадан ажралиб қолди, деб ёзади «Mk.ru».
Кун бўйи яхши аҳволда юрган қиз кечқурун уйга келгач, онасидан сочини оч рангга бўяб қўйишни сўраган ва бундан беш йилча аввал фойдаланиб кўрган бўёқни ишлатган. Жараённи тугатишгач, Дилнозанинг аҳволи кескин ёмонлашган. Боши айланишни ва оғришни бошлаган, уйдагилар унга оғриқ қолдирувчи дори беришган, аммо тез орада қизнинг нафаси бўғила бошлаган ва ҳушидан кетиб, талвасага тушган.
Оиласидагилар Дилнозани кўрпага солиб, ёрдам олиш умидида уйлари ёнидаги туғуруқхона эшигига олиб боришган, шу билан бир вақтда тез ёрдам ҳам чақиришган. Аммо Дилноза оламдан ўтиб бўлганди.
Ўлимнинг аниқ сабабини экспертиза ўрнатади. Қариндошлари сўзларига кўра, касби фаррош бўлган Дилноза касалманд қиз бўлган, тез-тез юрагидаги оғриқлардан шикоят қилиб турган. Икки ой аввал ҳам у талвасани бошидан кечирган, аммо яқинлари қистовига қарамай, шифокорга кўринишдан бош тортган. Нашр ёзишича, соч бўёғининг ўткир ҳиди саломатлиги билан боғлиқ эски муаммоларни қўзғаган бўлиши мумкин.