Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқарув кенгаши раиси Ғуломжон Иброҳимов ҳамда Россиянинг «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер 2 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида икки компаниянинг стратегик ҳамкорлиги тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Газпром» матбуот хизмати хабарига кўра, ҳужжат томонларнинг Ўзбекистон ҳудудида газ инфраструктураси объектлари реконструкцияси, қурилиши ва эксплуатацияси; углеводородлар геологик разведкаси, қазиб чиқарилиши, қайта ишланиши ва сақланиши; автоном газификацияда сиқилган ва суюлтирилган газнинг қўлланилиши; республикани газ билан таъминлаш бош схемасини ишлаб чиқиш соҳасидаги янги лойиҳалар реализациясидаги ўзаро ҳамкорлигини назарда тутади.
Апрелда икки компания «Газпром» томонидан Ўзбекистондан 2018 йилдан бошлаб беш йил ичида 4 миллиард кубометр газ сотиб олиниши юзасидан шартнома, шунингдек, геологик разведка ишлари юритиш ҳамда инжиниринг-инновацион ишларни биргаликда ташкил этиш бўйича келишув имзолаган эди.
2016 йили «Газпром» томонидан Ўзбекистондан газ сотиб олиниш ҳажми 6,2 миллиард кубометрни ташкил қилди.
Изоҳ (0)