«Ниқоб» ва «Трумэн томошаси» фильмлари билан машҳурликка эришган Жим Кэрри қиз ўртоғининг ўлимида айбланиб, суд олдида жавоб беради, деб хабар қилди TJournal.

Фото: TJournal

Асли ирландиялик бўлган 30 ёшли Кэтриона Уайт Лос-Анжелесда яшаб визажист бўлиб ишлар эди. 2015 йилнинг сентябрида унинг жасади ўз уйидан топилганди. Текширув натижаларига кўра, аёл фақат шифокор кўрсатмаси бўйича берилиши керак бўлган турли дори воситаларидан кўп миқдорда ичиб юборгани оқибатида ҳалок бўлган. Уайтнинг ўлими расмий равишда ўз жонига қасд дея топилганди.

Уайтнинг онаси Брижид Суитман ҳамда ундан алоҳида яшайдиган эри Марк Бёртон актёр Жим Кэррини қизи ўз жонига қасд қилиши учун дори воситаларини олиб берганликда айбламоқда. Лос-Анжелес Олий суди Кэррининг адвокати Рэймонд Баучерни илтимосига қарамасдан ишни ёпмаслигини маълум қилди.

Судья Дейрдре Хилл суд жараёнининг бошланишини 2018 йил 26 апрель кунига белгилади. Суд иши тахминан 20 кун давом этади. Адвокат фикрича, суд жараёни актёр учун жуда оғриқли бўлади, чунки у Уайтни жуда ҳам яхши кўрган.

Ўтган йили Бёртон томонидан актёр номига берилган оргинал даъвода «Кэрри ноқонуний равишда кўрсатилган дори воситаларини сотиб олган, бу Калифорния штати қонунларига зид» дея таъкидланган. Бундан ташқари актёр «Уайтнинг бевақт фожеали ўлимига жавобгарликда ва бунга ўзининг алоқаси борлигини яшириш»га ҳаракат қилгани учун ҳам айбланмоқда. Кэррининг ўзи эса барча айбловларни рад этди.