Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишига фақат шифокор кўрсатмаси бўйича тиббий мақсадларда рухсат этилади. Бундан ташқари экспертлик ва тезкор-қидирув фаолиятида ҳам улардан фойдаланишга рухсат этилади, деб ёзади Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати.
Халқаро почта Конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян тақиқланган. «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 17-моддасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
Аммо шунга қарамай, почта жўнатмалари орқали қонунга хилоф равишда таркибида психотроп ва наркотик моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бошпочтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари шу турдаги бир неча божхона қоидабузарликларининг олдини олди.
Пойтахтлик Ю.Венера номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, буюмлар орасида «CN-23» шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 30 дона Zolpiden Hemitartate номли психотроп таблеткаси, 8 турдаги 410 дона дори воситаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, фуқаро К.Алишер номига хориждан келган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганида 24 дона Rosaset Plus номли таркибида психотроп моддаси бўлган таблетка ва 2 турдаги 88 дона дори воситаси борлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.