Ўзбекистонда телевизион аудиторияни ҳисоблаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда 29 май куни Тошкентда бўлиб ўтган миллий медиакенгаш тақдимоти чоғида маълум қилинди, деб хабар беради «Газета.uz».
Ушбу тизим аҳолининг телевизион қизиқишларини ўрганишга хизмат қилади.
Ҳисоблашлар икки босқичда Ўзбекистоннинг 18 шаҳри аҳолиси орасида пиплметрлар ёрдамида ўтказилади. Биринчи босқичда (2018–2019) 400 оила, иккинчи босқичда эса (2020–2022) 550 оила қамраб олинади.
Тадқиқот бюджети 4,27 миллион долларни ташкил қилади. Тизимни ташкил этиш бўйича тендерни Kantar TNS ютиб олди. Иштирокчилар орасида, шунингдек, GFK, Nielsen ва Atmosphere Group бор эди.
Тадбирда, шунингдек, телевизион реклама масаласи ҳам кўтарилди. Айтилишича, Ўзбекистонда телевизион реклама бозори ҳажми 22 миллион долларга баҳоланади, аҳоли жон бошига реклама харажатлари ҳажми — 0,5−0,7 доллар. Жаҳоннинг энг йирик 20 та реклама берувчиларидан фақат олтитаси мамлакат медиабозорида ишламоқда. Қиёс учун, Россия ва Қозоғистонда бу кўрсаткич 16 га, Украинада эса 12 га тенг.
Бугун Ўзбекистонда 40 та телеканал ишламоқда. Уларнинг 14 таси Миллий телерадиокомпания таркибида, 13 таси минтақавий, 15 таси хусусийдир.
Миллий медиакенгаш — профессионал тармоқ бирлашмаси бўлиб, унинг муассислари Ўзбекистоннинг телерадиокомпаниялари, кабель ва рақамли телевидение операторлари ҳамда реклама агентликларидир.
Изоҳ (0)